Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский 5-6 сентабрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Ушбу тадбир иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби глобал муаммоларни ҳал этишда ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлайди.

Ташриф давомида Януш Войцеховский «Денгизга чиқмайдиган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» Халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлайди. У ўз нутқида ЕИ нинг барқарор деҳқончилик амалиётини қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъйи-ҳаракатларини таъкидлаб, денгизга чиқмаган ривожланаётган мамлакатларга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, Комиссар Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашувлар ўтказади. Учрашувлар давомида қишлоқ хўжалиги кооперациясини кенгайтириш, савдо истиқболлари ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Сурат: Европа Иттифоқи