Ўш вилоятида Қирғизистон Республикаси Молия вазирлигининг 100 йиллигига бағишланган «Ўш вилояти Молия-иқтисодий тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Молия вазирлиги раҳбарияти, вилоят ва туман ҳокимликлари раҳбарлари, етакчи иқтисодчилар, банклар, халқаро ташкилотлар, илмий жамоатчилик вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Қирғизистон Республикаси Молия вазирининг рақамли ривожланиш бўйича ўринбосари Эрнст Калдибаев Ўш вилоятининг молиявий-иқтисодий ривожланиши ҳақида гапирди.
Сўнгги уч йилда вилоятни ривожлантириш учун 106 та объектни, жумладан 60 та мактабни қуриш ва таъмирлаш учун бюджетдан 4 миллиард сом маблағ ажратилди. Вазир ўринбосари, шунингдек, биргина 2023 йилнинг ўзида ҳудудий маблағлар 2,4 миллиард сом маблағ билан молиялаштирилганини таъкидлади.
2024 йилда Ўш вилоятида 86 лойиҳани молиялаштириш учун «Рағбатлантирувчи грантлар» доирасида 257,3 миллион сомлик маблағ ажратилди. Жаҳон банки, шунингдек, Ўш вилоятини ривожлантириш лойиҳаси учун 60 миллион АҚШ доллари ажратди.
Инфратузилма лойиҳаларига инвестициялар муҳокамасида халқаро молия ташкилотлари томонидан 78 миллион АҚШ доллари миқдорида сув таъминоти тармоқларини таъмирлаш ишлари давом эттирилаётгани, шунингдек, вилоятда транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун 133 миллион АҚШ доллари ажратилиши режалаштирилаётгани таъкидланди.
Тадбир сўнгида Э.Калдибаев иштирокчилар ва ташкилотчиларга «Анжуманлар карвони» рамзини совға қилди.