Пекин шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди

Ўтган ҳафта Пекинда Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг хавфсизлик ҳамкорлиги бўйича қуйи қўмитасининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳам маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Бобур Усмонов Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сунь Вэйдун билан учрашди.

Томонлар Ўзбекистон Президентининг 2024-йилда Хитойга давлат ташрифи якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорлик ва эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув иштирокчилари сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва ҳарбий соҳаларда биргаликда ишлаш имкониятларини кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

Маданий-гуманитар ва туристик алмашинувларни кўпайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Мамлакат вакиллари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар.