Апрел ойи охирида Халқ саройида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Одиль Рено-Бассо хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар ЕТТБ томонидан молиялаштириладиган турли лойиҳаларни Тожикистон иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширишни муҳокама қилдилар.
Президент И.Раҳмон банк раҳбариятига узоқ муддатли самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, уларнинг фаолияти мамлакат тараққиёти учун муҳимлигини эътироф этди. Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг бугунги муносиб даражасини таъкидлаб, ЕТТБ билан ҳамкорлик орқали Тожикистоннинг юксак тараққиёт мақсадларига эришишига умид билдирди.

Учрашув иштирокчилари ташқи омилларнинг Тожикистон иқтисодиётига салбий таъсирини ҳам муҳокама қилдилар, томонлар кўпроқ сармоя жалб қилиш ва ислоҳотларни давом эттириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Музокарачиларнинг фикрича, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун грантлар ва имтиёзли маблағлар ажратиш республикани барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг калити бўлади.
Учрашувда саноат, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, шаҳар инфратузилмаси, иқтисодиётни рақамлаштириш каби турли соҳалардаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. «Яшил» технологияларни жорий этиш, таълим ва меҳнат миграцияси масалалари кўриб чиқилди.
Фото: Тожикистон Республикаси Президентининг расмий сайти
