Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистонга амалий ташрифи чоғида Нукус шаҳридаги IT-паркнинг янги биноси устида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Бу бино Республикадаги бошқа IT-парклар орасида энг каттаси бўлади.

IT-парк биносининг қурилиши республикага IT-хизматлар экспорти ҳажмини ошириши, ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратиши, шунингдек, бизнес жараёнларини аутсорсингга (BPO) кўмаклашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ёшлар учун IT-ўқув курсларини бошлаш режалаштирилган марказлар фаолиятини ташкил этиш бўйича қатор кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, барча қурилиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Шерзод Шерматов Қорақалпоқ Давлат университетида ташкил этилган инкубация маркази негизида фаолият кўрсатаётган Data live Center фаолияти билан танишди.
Вазир ҳозирда Марказ томонидан ишлаб чиқилаётган ГИС лойиҳаси билан танишди ва ушбу лойиҳани тўлиқ амалга ошириш бўйича тегишли таклифлар берди.
Хусусан, Ш.Шерматов ушбу лойиҳанинг долзарблигини таъкидлаб, уни янада такомиллаштириш бўйича «Ўзбеккосмос» агентлиги билан биргаликда ишлаш, шунингдек, лойиҳани жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган ICT Week тадбирида тақдим этиш таклифини билдирди.
Аввалроқ Data live Center Татаристон Республикаси билан 1 млн. долларлик шартнома имзолаган эди.